Олти асрга яқин муддат мобайнида кишилик жамиятининг ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий жабҳаларида кўп ўзгариш ва эврилишлар бўлиб ўтди. Аммо ҳанузгача башарият фарзандлари Ҳазрат Навоий яратган буюк маънавий мероснинг моҳиятини тўла англаб олганича йўқ. ХХI аср одамлари Ҳазрат Навоий яшаган даврга кўра каррасига кўпроқ роҳат ва фароғатда, фаровон ҳаёт кечирмоқдалар. Аммо маънавий поклик, руҳий юксалиш масаласида улуғ бобокалонимиз эришган даражалар шунчаки бир орзу бўлиб қолмоқда. Ижодкорларнинг тақдири ижод жараёни каби турфа ва хилма-хил кечади. Тарихда Умар Хайём каби шундай шоирлар борки, ҳаётлиги даврида унинг бадиий ижод билан шуғулланишини кўпчилик билмаган ҳатто. Аммо вафотидан кейин дунёнинг энг машҳур шоирларидан бирига айланиб, ёзган байту ғазаллари тилларга достон бўлади. Яна бир тоифа қаламкашлар борки, тирик пайтида барча унвону мансаб, эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлишади. Аммо улар ёзган битикларнинг умри ўзларининг умрларидан ҳам қисқароқ бўлади.