Болакай бировга зарда қилгандек пачоқ челакни дам-бадам даст кўтариб ерга тўнкарар, ботинкасининг бир ёни ейилган пошнаси билан челакни устма-уст тепкилар эди. Онаси шунда ҳам пинагини бузмасди. Илонтепада қизғин “жанг” кетаётган шундай паллада шалаббо бўлиб кўмир ташиётган болакайнинг аламидан бўғилиб йиғлагиси келарди... Кўчадан от туёқларининг таниш дупури эшитилди. Болакай қўлидаги челакни улоқтириб кўчага отилмоқчи бўлди-ю, онасига қараб, турган жойида бўшашиб кетди. Онаси худди қулоқ билан кўчани кўриб бўладигандай хиёл бошини қийшайтириб, ўқрайиб қўйди: – Қара, биров келганга ўхшайди! Болакай кўчага отилди. Узун чакмонли киши дарвоза рўпарасидаги букри толга отини боғламоқда эди. – Эна, Тош тоғам! Болакай тоғлар орасида яшовчи чўпон тоғасини жуда яхши кўрарди. Тоғаси ҳар гал унга ғаройиб совғалар олиб келарди. Чиройли тош граната, ёғоч автомат ҳам шу кишининг совғаси эди. – Оббо, азамат-эй! Қўзивоймас, Қўчқорвой бўлиб кетибсан-ку! – дея тоғаси гирдикапалак бўлаётган болака