Неча асрлар оша турли йўсинда ўртага ташланса-да, бу боқий савол ҳамон жавобсиз қолмоқда. Ҳар бир одам алоҳида олам. Уни умумий “қолип”лардан келиб чиқиб тавсифлаш ноўрин деб билганлар ҳам, ижтимоий, фалсафий, психологик, сиёсий ва бошқа билимлар асосида таҳлил қилганлар ҳам бу борада ўзларининг нуқтаи назарига эга. Америкалик файласуф, неофрейдизм асосчиларидан бири, психоанализ ислоҳотчиси, экзистенциализм, персонализм, герменевтика сингари илмий-фалсафий соҳалар ривожига салмоқли ҳисса қўшган ХХ асрнинг йирик мутафаккири Эрих Фромм (1900 – 1980) эса, умумлашма хулосалар ва таснифларсиз назар ташлансагина инсон табиати тадқиқотчи кўз ўнгида бутун мураккаблиги билан намоён бўлади, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, шахс моҳиятини одамнинг ўзига хослиги эмас, балки ҳаёт тарзидаги зиддиятлар белгилайди. Одамга жамият ва маданият кўзгусидангина қараш ёки унинг хатти-ҳаракатини ирсият ва биологик омиллар, ё бўлмаса фақат психология билан боғлаб талқин этиш бирёқламаликка олиб келади.