Ўзбекчилик. Ушбу тушунча турли замон ва маконда турлича маъноларни ифодалаган. Лекин унинг замирида ўзбек халқининг дунёқараши, тарихий тажрибаси, урф-одатлари, ҳаёт тарзи ва миллий ўзлиги намоён бўлади. Ўзбекчилик – миллий руҳ, шахсият ва давлатчилик маданиятини ифодалайдиган мураккаб ижтимоий тушунча, яъни халқ тарихи, маданияти, анъаналари, бир сўз билан айтганда, ҳаёт тарзининг кўзгуси. Бошқача изоҳлаганда, ўзбекчилик нафақат этник мансублик, балки муайян маънавий қадриятлар тизимидир. Бу истилоҳ ўзагида ўзбек халқи ўзлигининг асоси бўлган донишмандлик, меҳмондўстлик, жамоавийлик, маҳалла институти, бағрикенглик, иймон-эътиқодда собитлик, фидойилик, меҳр-оқибат, ўзгаларга ёрдам бериш каби кўплаб фазилатлар мужассамлашган. Ана шу фазилатлар миллий ментал хусусиятлар тарзида кеча ёки бугун шаклланмаган, балки ўзбек жамиятида кучли жамоавий онг ва ахлоқий қадриятлар аждодлардан авлодларга мерос сифатида қадимдан сақланиб келмоқда ҳамда айни пайтда жамиятда бирдамлигу барқарор