Ана шу муқаддас заминда туғилиб, камолга етган кўплаб буюк алломаларнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси беқиёс. Жаҳондаги илк академиялардан бири ҳисобланган Хоразм Маъмун академияси шу заминда бунёд этилганлиги ҳам тасодифий ҳол эмас эди, албатта. Бу йирик илм маркази Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос меваси эди. Қадим замонларданоқ хоразмликларнинг ўз ёзувлари бўлганлиги, тараққий этган ирригация ва мелиорация тармоқлари, мураккаб ишлаб чиқариш муносабатларига эга жамият барпо этганлиги бу юрт эгаларининг чуқур билим ва теран тафаккур соҳиби бўлганлигидан дарак беради. Академик шоир Ғафур Ғулом ўзининг “Шараф қўлёзмаси” шеърида Хоразмнинг ҳар ғиштидаги боболарнинг ижоди айрим халқларнинг бутун тарихидан юқорироқ экани, бизда логарифманинг мушкул муаммолари қўлдаги бармоқлардай оддий ҳал қилинганда, ўзини олий ирқ вакиллари, дея даъво қиладиган айрим кимсалар аждодлари ўнта бармоғини эплаб санай олмаганини уларга эслатиб қўйганди. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон эса бир