Уламоларимиз дарсу таълим ўрниға, бир-бирлари ила ўрун талашиб, мукаррир ва мударрис бўлишни, ўзлари бўлолмай қолсалар, эшикма-эшик юруб сайловни бузишни яхши кўрурлар. Имомларимиз, халойиқға ваъз ва насиҳат ўрниға, тўй ва жанозаларда юруб, жома кийишни яхши кўрурлар. Бойларимиз орқа-ўнглариға қарамасдан, фойда ва зарарларини ойирмасдан бир-бирлариға рақобат қиламан деб, “бонка” ва “кридит”ларини кўпайтуруб, дўффилари тор келганда рус ва яҳудийларнинг молларини букуб-синишини яхши кўрурлар. Мўйсафидларимиз намоз ва ниёз ўрниға, масжид эшигига йиғилуб ўтуруб, ҳар кимни ғийбат ва шикоят қилишни яхши кўрурлар. Муаллимларимиз бир-бирларидан қизғонишуб, болаларни арзон ўқитаман деб, бир ўзларига юз, юздан ортуқ бола йиғуб, ўзлари тўй ва маъракаларда болаларнинг умрини бекор ўткаришни яхши кўрарлар. Савдогарларимиз: “Тўйликни тўйи ўтар, тўйсизни куни ўтар” деган сўзга амал қилмай, қайси маҳаллада тўй бўлса, дастурхончилик қилишни яхши кўрурлар. Муаззинларимиз азонни яхшила