Боиси қишлоғимиз аҳли ўтган асрнинг 30-40-йилларида собиқ шўролар давлатининг турли бурчакларидан қатағон қилинган врачлар, педагоглар, инженерлар, руҳонийлардан иборат турли миллат вакиллари эди. Бу ерда на бировнинг ҳайкали, деворларда на бир шиор бор: битта кутубхона ва почтадан бошқа давлат идораси йўқ эди. Гап 60-70-йиллардаги Сурхондарёнинг Деновидаги Ҳазарбоғ совхозининг 1-Хўтир (Хутор) деб аталувчи овлоқ қишлоғи ҳақида. Ҳайратланарлиси шундаки, уларнинг ҳаммаси тоза ўзбекча гаплашарди, бир-бири билан ҳам, биз билан ҳам. Албатта, оиласида ўз тилларида суҳбат қилишса ҳам, ишда, кўча-кўйда умумий мулоқот ўзбек тилида эди. Армани қишлоқдошимиз шом пайтлари Хўтиримизнинг ягона электр манбаи – дизель мотори ўрнатилган уйча ёнидан ўтаркан, немис Вильгельм бобога: “Ҳой Вигелий, чироқни ёқмайсизми энди” деб ўзбекчалаб ҳайқириб қўяр, қўшнимиз Абзияров дўкондан гуруч олаётган дадамга: “Саидов, бугун гаштак борми дейман, бизам шерик”, деб ҳазиллашарди. Мактабдаги рус тили дарсидан та