“Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...” сарлавҳали ушбу суҳбатда мамлакатимизнинг яқин ўтмиши, бугуни, келажаги ва минтақадаги сиёсий эврилишлар ҳақида сўз боради. Бу жараёнда Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати, шунингдек, минтақа миқёсидаги ташаббуслари ва уларнинг натижалари таҳлил этилган. – Жаноб Рафиқов, менда Ўзбекистон ҳақида нимадир ёзиш, бу юртда кечаётган жараёнларни теранроқ англаш иштиёқи туғилганига анча бўлган. Евроосиёда жойлашган бу мамлакатни нафақат геосиёсий, балки цивилизацион нуқтаи назардан ҳам қитъанинг маркази дейишга асослар бор. Менингча, олис ўтмишда ушбу заминда пайдо бўлган икки буюк юксалиш – Ислом уйғониш даври ва Темурийлар ренессанси улашган маданият ва илм-фан нафақат Шарқ халқлари ёки Ислом олами, балки инсоният тарихи учун ҳам ўта муҳим эди. Аммо қудратли империялар ва тамаддунларга бешик бўлган замин бир неча асрлар давомида ижтимоий-сиёсий парокандалик гирдобида қолди в