Агар Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510) ўзбек давлатчилиги тарихига давлат асосчиси, жияни Убайдуллахон (1487-1540) уни сақлаб қолиб, мустаҳкамлаган ҳукмдор сифатида кирган бўлса, Абдуллахон (1534-1598) айни майдонга сиёсий тарқоқлик ўрнида марказлашган давлат қурган етук бунёдкор бўлиб муҳрланди. Абдуллахон шахси нега парда ортида қолди? Маълумки, сўнгги юз-юз эллик йил мобайнида XVI-XIX асрлардаги ўзбек хонликлари даври қолоқ, сиёсий элитаси эса айни таназзул сабабчиси сифатида кўрсатиб келинди. Тарих фани тадқиқотининг умумий контекстида эса нисбатан қолоқ даврлар, салбий образ касб этадиган тарихий шахслар “аҳамиятли тарих” сифатида авлодлар томонидан деярли ўрганилмайди. Шайбонийхон ва унинг Турон ҳудудида ҳукмронлик қилган авлодлари ҳам кўп йиллар мобайнида юқоридаги мезонлар сабаб кам тадқиқ этилди. Шайбонийхон, Убайдуллахон ва сулоланинг энг йирик вакили бўлган Абдуллахонлар бир қарашдаёқ катта ишлар қилгани, улкан тарихий ўзгаришларга сабаб бўлгани кўриниб тург