Ҳамма ўз жавобини излаган, ҳамон жавоб изланади. Кимдир она юрт кенгликларидан, тарихий ашёлардан, археологик топилмалардан, яна кимдир она алласидан, бошқа биров эса бахшилар куйлаган достонлардан... Ватан сарҳадлари кўнгилдан бошланиб, кўнгилда тугайди, дейилади бахшиларимиз куйлаган достонларнинг бирида. Шунинг учун ҳам, балки аждодларимиз кўнгил тарбиясига кўпроқ эътибор бергандир? Тилидаги сўзи, айтган қўшиғи, афсонаю эртаклари, куйлаган достонлари кўнгилдан чиққан, кўнгилларга етиб борган. Бахшилардан мерос бўлиб келаётган “Алпомиш” эпоси қандай достон эди, сўралса, соддагина қилиб, боболаримиз ардоқлаб келган макон – муқаддас юрт ҳақида деб жавоб бериш мумкин. Бахшилар тили балан айтганда: Ватандан айро бахт бўлмас.... Халқ достонларида барча қаҳрамоннинг сафари ўз юртидан, ўзга юртга бўлади, барча қаҳрамонликлар Ватан учун бўлади. Ватан учун жон олади, Ватан учун жон беради. Ватанни унутганда фожеаларга юз тутади, Ватанга қайтганда бахтини топади.