Глобаллашув қарқини (суръати) бугунга келиб, очундаги кўпчилик миллатлар учун бу бирликларнинг тўрттасини деярли йўққа чиқарди. Ҳозирги кунда ёлғизгина тил миллатнинг миллатлигини сақлайдиган қўрғон бўлиб турибди. Агар қайсидир этнос шу бирликни ҳам бой берса, ўз миллий қиёфасидан маҳрум бўлади. Шу боис бугун ҳар бир миллий тил ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ҳимоя ва парваришга муҳтож. Ўзбек учун тил ҳеч қачон фақат алоқа воситаси бўлмаган. Азалдан миллатимиз тилга ахборот беришдан, алоқа қилишдан ташқари, тилак, муомала-муносабат, орзу-истак сингари яна кўпгина вазифаларни бажарадиган сирли ва илоҳий ҳодиса тарзида ёндашиб келган. Халқимиз сўзни ўта нозик ҳис этган, уни жуда эҳтиёткорлик билан ўйлаб ишлатган. Сўзнинг тўғрилигидан ҳам кўра, унинг ўрнида ва керагидай айтилиши муҳим саналган. Шу боис боболаримиз имкон қадар ёмон маъноларни англатувчи сўзларни қўлламасликка, уларни юмшоқроғи билан алмаштириб ишлатишга уринганлар. Ўзбекда “ўлим”, “касал” сўзлари деярли ишлатилмаган.