“Бу даражасидаги ёзувчилар олдида, менингча, иккита йўл турибди, биринчиси: шу йўсинда, шу савияда, гўшт майдалағичда лағмон чўзаётгандай пала-партиш “ижод” қилавериш, бундай “асар”ларни ўқиётган китобхонларнинг бадиий диди занглаб, ўтмаслашиб бораётганига парво қилмай, ёзганларини пешма-пеш нашр қилиш, иккинчиси – адабиётни, маънавиятни, ўқувчини озроқ бўлса-да ҳурмат қилиш, ёзувчи деган номга доғ туширмаслик”, деб ёзгандим. Мақола сўнгида чин ва сохта адабиёт олдида эсанкирай бошлаган ўқувчини шундай овутгандим ҳам: “Бошдан-оёқ тўқиб чиқарилган, мантиқсиз воқеа-ҳодисалар асосига қурилган, таҳрирсиз, хом-хатала, ҳар саҳифада ғиж-ғиж хато билан чоп этилаётган асарлар вақти-соати билан ўқувчининг меъдасига тегади”. Янглишган эканман: биринчи гапим адабиётни соғин сигирга ўхшатиб олган қаламкашларни илҳомлантирса илҳомлантирдики, бу йўлдан қайтармади, иккинчи фикрим ўзини оқламади – олди-қочди асарлар ҳали-вери меъдага тегадиганга ўхшамайди. Аксинча, бундай асарларни асар деб билади