Шу пайтгача онам тилидан унинг таърифинигина эшитардик. Шу пайтгача унинг қайдалигини, қандай жой эканини билмасдик; онамнинг юрти — онамнинг ўтли армони эканини сезардик, холос. Онам етти-саккиз яшар гўдак чоғида юртидан айрилган экан. «Адоғи йўқ тупроқ йўлдан аравага тушиб келганим ёдимда, — дерди онам ва шу заҳоти кўзларидан дувиллаб ёш оқиб кетарди. — Отам билан онамни элас-элас эслайман. Отам соқоллари узун-узун, қизил юзли одам эди. Онам жудаям новча эди, ўрнидан турганида, бошини кунга уриб олмасайди, деб қўрқардим…» Онамнинг юрти кунчиқардами, кунботардами, дарё ортидами, тоғлар бағридами, дашту биёбонлар қўйнидами — бирортамиз билмас эдик. Фақат, унинг тенгсиз гўзал бир маскан эканини англардик. У юртда осмон — осмон эмас, мушфиқ она; тоғлар — тоғ эмас, меҳрибон падар; гуллар — гул эмас, мунис ҳамшира; у ерда одамларни хўроз қичқириғи эмас, булбул навоси уйғотади. Орадан не бир замонлар — олтмиш олти йил ўтганига қарамай, онам ҳамон тақдирига тан бермас, ҳа