Аёлимиз тайин бир нима деёлмайди. Бир ундай дейди, бир бундай дейди. Чин, мен учун кеча-да бир бўлиб қолди, кундуз-да бир бўлиб қолди. Кўзим илиндими, бўлди, тушимга бир нималар киради. Уйқумда қаерлардадир нималардир қилиб юраман. Тушимми-ўнгимми, билолмайман. Кунлар ўнгимда қандай кечса, уйқумда-да шундай кечади. Эл билан кўришиб-сўрашаман, гаплашаман, талашиб-тортишаман, қаҳ-қаҳ уриб куламан. Кейин… йиғлайман! Йиғлаб-йиғлаб… пахта тераман! Йиғлаб кўзларимни очаман. Теварагимга қарайман. Кўзларимда ёш йўқ бўлади. Аёлимиз билан болаларимиз пиш-пиш ухлаб ётади. – Босинқираяпти, ўнг ёнбошига ағдарилиб ётсин, – дейди аёлимиз. Ўнг ёнбошимга бурилиб ётаман. Бу сафар бир адирдан кета бераман, кета бераман. Адир охири кўринмайди. Олисларга қарайман. Олислар йўқ. Зим-зиё. Далаларга қарайман. Далалар-да йўқ. Оёқларим остига қарайман. Ер-да йўқ. Оёғимни мўлжаллаб босиб, ерни излайман. Ерни топаман. Зулматдан қутулиш учун сойга қараб энаман. Оёғим ерга тегмайди. Зим